Тергов Қилишга Аралашиш Ёхуд Халақит Қилишнинг Тергов Фаолиятига Таъсири
Abstract
Мазкур илмий тадқиқот мустақиллик йилларида Ўзбекистон Республикасида давлат ҳокимиятини ташкил этишнинг янги модели шакллантирилиши ҳамда унинг жиноят-процессуал фаолиятдаги амалий ифодасига бағишланган. Тадқиқотда Конституцияда мустаҳкамланган ҳокимиятлар бўлиниши принципининг жиноят ишлари бўйича одил судлов тизимида айблов, ҳимоя ва суд функциялари орқали намоён бўлиши илмий-ҳуқуқий жиҳатдан таҳлил қилинган. Суд ҳокимиятини демократлаштириш, судга қадар иш юритувида суд назоратини кучайтириш, процессуал мажбурлов чоралари ва айрим тергов ҳаракатларига санкция бериш ваколатларини судларга ўтказиш орқали инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашга қаратилган ислоҳотлар мазмунан очиб берилган.
Шу билан бирга, тадқиқотда жиноят ишлари бўйича айблов функциясини амалга оширувчи органлар, хусусан суриштирув ва дастлабки тергов фаолиятида сақланиб қолаётган тизимли муаммоларга алоҳида эътибор қаратилган. Терговчининг процессуал мустақиллигини таъминлаш масаласи марказий ўрин эгаллаб, ички идоравий таъсирлар, ҳисоботбозлик, босим ва таҳдидлар орқали ушбу мустақилликка путур етиши ҳолатлари танқидий таҳлил қилинган. Шу муносабат билан Жиноят кодексининг 236-моддасини такомиллаштириш, унда терговга қадар текширув босқичини ҳам қамраб олиш, “қонунга хилоф равишда таъсир ўтказиш” тушунчасини аниқлаштириш ҳамда жавобгарликни дифференциация қилишга қаратилган илмий таклиф илгари сурилган.
Тадқиқотда, шунингдек, дастлабки тергов ваколатларининг бир нечта давлат органлари ўртасида тақсимлангани натижасида шакллан ва мазмун жиҳатдан фарқли амалиёт вужудга келаётгани асосланган. Хориж тажрибаси (АҚШ, Россия Федерацияси, Қозоғистон Республикаси) таҳлили орқали ягона тергов органини ташкил этиш масаласи танқидий баҳоланиб, миллий ҳуқуқий тизим учун энг мақбул институционал моделни шакллантириш зарурлиги илмий хулоса сифатида асосланган. Мазкур таклифлар суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг устувор мақсади — инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини олий қадрият сифатида таъминлашга хизмат қилади.